Салам ёки салаф савдосининг таърифи


Байъ салам ва унинг шартлари

Салам савдоси насия молни нақд баҳога сотишлик ёки зиммасига вожиб бўлган нарсани нақд баҳога сотишлик. Яъни молнинг нархи аввалдан берилиб эвазига бериладиган молни кейинчалик маълум бир муддатда олишга келишишдир. Гўёки бир шахс бошқасига "Мана юз минг сўм. Эвазига фалон шаҳарни масалан Сурхондарёни фалон навли буғдойидан фалон муддатда масалан июл ойида менга етказиб берасиз" дейишлигига ўхшаш. Бу савдо умумий савдолардан фарқ қилади. Аслида қоида шуки ҳали мавжуд бўлмаган ёки мулкига кирмаган нарсани сотиш жоиз эмас.
Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларни байъ саламга бўлган эҳтиёжларини кўриб бунга рухсат берганлар. Бу савдо ҳам бошқа савдолар каби ижоби-қабул яъни "Менга шунча нарса етказиб беринг!" ва "Шунча сўм эвазига шу нарсани етказиб бераман" дейишлиги билан тамом бўлади. Ижоби-қабул ҳанафийлар наздларида битмнинг рукни ҳисобланади. Қолган уч имомлар наздида ийжоб – қабулдан ташқари салам савдоси битмини тузувчи муслим ва мусламун илайҳ, роъсу молиссалам(сармоя), мусламун фийҳи(етказиб берилиши ваъда қилинган мол)ни ҳам шарт қилинган. Харидорни салам эгаси ёки «муслим», сотувчи эса «мусламун илайҳ», сотиладиган мол эса «мусламун фийҳи», қиймат эса «роъсу молиссалам» дейилади. Жумҳур уламолар наздида салам қилдим, салаф қилдим ва сотдим, лафзларини ишлатиш жоиз. Имом Зуфар ва Шофеъийлар наздида йўқ нарсани сотишга тўғри келганлиги учун савдони салаф ёки салам лафзлари билан амалга ошириш керак. Чунки шариъат шу икки лафз билан бу савдони жоизлигига рухсат берган.

Шариъатда жоизлигига далил.

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا إِذَا تَدَايَنْتُمْ بِدَيْنٍ إِلَى أَجَلٍ مُسَمًّى فَاكْتُبُوهُ

«Эй иймон келтирганлар! Маълум муддатга қарз олди-берди қилган вақтингизда уни ёзиб қўйинг...» (Бақара сураси, 282-оят)
 Абдуллоҳ ибн Шаддот ибн Илҳод ва Абу Мусо Ашъарийнинг ўғли Абу Бурда билан салам савдоси борасида ихтилоф пайдо бўлди. Ибн Шаддот салам савдоси жоиз бўлмаса керак, чунки унда сотиладиган нарса йўқку – деган ҳаёлга борди. Абдуллоҳ ибн Абу Мужолид айтади: «У икковлари мени Ибн Абу Авфонинг хузурига жўнатишди. Мен бу борада ундан сўрадим. Ибн Абу Авфо: «Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, Абу Бакр ва Умар замоналарида буғдой, арпа, майиз ва хурмода салам савдосини қилар эдик», деди. Ибн Абзодан ҳам сўраган эдим, у ҳам шундай деди».
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо «Муъаййан муддатда етказиб беришликни зиммага олиш савдосини Аллоҳ Ўзининг китобида ҳалол қилгандир ва мен бунга изн берганлигига гувоҳлик бераман» деб юқоридаги оятни ўқиди. Суннатдан далил эса Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо келтирган қуйидаги ҳадисидир. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинаи мунавварага келганларида Мадина аҳли бир, икки, уч йилга салам савдосини қилишар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бирор нарсада салам савдосини қилса, маълум бир ўлчов, маълум кило ва муъаййан муддатга қилсин!» дедилар». Имом Бухорий роҳимаҳуллоҳ салам савдосига тегишли ҳадисларни жуда кўп санадлари билан ривоят қилган бўлиб, хулосасини айтганда, салам савдоси кайлий ёки вазний нарсаларда бўлсин ва бериладиган муддати тайин бўлсин!
Салам савдосида бир неча нарсалар шарт қилинади.
Сармоя(пул)нинг шартлари. Улар олтитадир.
1-сармоя ҳар хил нарсалардан: пул ёки дон-дун ва бошқа нарсалар бўлиши мумкин. Сармоя пул ўрнида ишлатилаётган нарса буғдой, пахта, мой, цемент каби нарсалардан бўлса унинг жинси маълум бўлсин.
2-Сармоя ўлароқ ишлатилётган цемент, буғдой ва пахтанинг қайси жой ва қайси заводники эканлиги маълум бўлсин.
3-сифати тайин бўлсин. Яъни олий, ўрта ёки паст.
4-сармоя яъни бериладиган қиймат тайин бўлсин. Масалан, агар пул бўлса сўмлиги ёки муъаййан валюталиги ва миқдори аниқ бўлиши.
5-Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳнинг фикрларига биноан тилло ёки кумушга савдо қилинса, тилло кумушни пробаси(сифати) тайин қилинсин. Лекин бугунги кунимизда савдо қоғоз пулларга бўлаётганлиги учун сўм ёки валюта эканлиги тайин қилинсин.
6-«роъсул мол» молнинг қиймати нақд қилиб берилиб, битм тузувчилар мажлисдан тарқалишидан аввал, мол етказиб берувчи тараф молнинг қийматини тўлалигича қўлга олиши шарт. Қийматнинг ҳаммасини тўлалигича қўлга олмасдан мажлисдан туриб кетишса, дайн(зиммадаги нарса)ни дайн(зиммадаги нарса) эвазига сотган бўладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам насияни насияга сотишдан қайтарганлар. Имом Молик роҳимаҳуллоҳ битм вақтида молнинг қийматини кечиктиришни шарт қилмай, беришни икки ёки уч кунга кечиктирса жоиз, лекин уч кун ундан ортиқ кун ичида бераман, деган шарт билан битм тузилса, салам фосид бўлади, деган.


8 йил аввал 10824 fiqh.uz
Мавзуга оид мақолалар
МАҚОЛА: АҚИЙДА
Салам савдоси (давоми)
Мусламун фиҳ(сотиб олинаётган мол)Улар ўн битта бўлиб,1-етказиб бериладиган мол буғдой, пахта, мой, цемент каби нарсалардан бўлса унинг жинси маълум бўлсин.2-цементни, буғдойни ва пахтанинг давоми...
8 йил аввал 8849 fiqh.uz